Муҳожирларга Россиядаги жисмоний ва юридик шахсларга ишлаш ҳуқуқини берувчи янги турдаги патент нархи 1,5 мингдан 6 минг рублгачани ташкил этади. Бу ҳақда Федерал миграция хизмати Ягона миграция маркази бошлиғи Валерий Новиковга таяниб, «Podrobno.uz» хабар берди.
«Россиядаги ҳар бир субъект патент нархини ўзи белгилайди. Унинг минимал қиймати 1,5 минг рубль, максимал қиймати эса 6 минг рублга тенг. Патентни 1 ойдан 1 йилгача бўлган муддат учун олиш мумкин», — деди Новиков.
Янги қоидалар бўйича хорижий ишчи бир минтақада ишлаш учун патент олгач, бошқасида ишлаш учун яна янги патент сотиб олиши мумкин. Агар муҳожирга патент берилмаса ёки берилган патент бекор қилинса, у Россиядан чиқиб кетиши керак, фақат бир йилдан сўнггина бошқа патент олиш учун мурожаат қилиши мумкин.
Аввалроқ 2015 йил 1 январдан Россия билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар фуқаролари Россия Федерациясига келганида патент асосида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ишлаш имкониятига эга бўлгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)