АҚШнинг Мичиган штатида Янги йил байрамини оиласи даврасида кутиб олишни истаган 24 ёшли бемор Стен Ларкин унга юрак кўчириб ўтказилишини кутмай, касалхонани тарк этди, деб ёзади «Вести.ru».
Гап шундаки, йигит анча вақтлардан буён юрак кўчириб ўтказиш бўйича мураккаб операция ўтказилишини кутиб, касалхонада ётган эди. У шифокорлардан байрам куни уйига рухсат беришни сўради. Улар рози бўлди ва Ларкинни 6,5 килограммлик сунъий юрак билан бирга қўйиб юборди.
Қурилма қути шаклида бўлиб, оддий мактаб рюкзагига жойлашади. Махсус қувурчалар ёрдамида у йигитнинг ички органларига уланади, бемор уни тақиб олиб, кундалик ишлари билан бемалол шуғулланиб юриши мумкин.
Шифокорлар айтишича, баъзан операцияни узоқ вақт давомида кутишга тўғри келганида даволашнинг шундай усули қўлланилади.
Изоҳ (0)