Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов 9 январь куни ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этди, деб хабар беради «Stadion.uz».
«Биз ушбу мусобақага узоқ вақт давомида тайёргарлик кўрдик. Биринчи ўйин ҳамиша қийин бўлади. Боз устига, КХДР каби жамоаларга қарши ўйин икки карра қийин бўлади. Бу жамоа иккинчи рақам остида ўйнаб, рақибни қарши ҳужумда ушлашга ҳаракат қилади.
Шимолий Кореянинг ёпиқ ўйинига тайёр бўлишимиз керак. Улар ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Рақибнинг кучига қарамасдан, мен ўз шогирдларимга ишонаман. Биз КХДРни мағлуб эта оламиз.
Терма жамоамиз ҳақида гапирадиган бўлсам, таркибда тажрибали ва ёш футболчилар жам бўлган. Тажриба ва иқтидор керакли натижага эришиш учун бизга ёрдам беради, деб ўйлайман.
Ҳа, тўрт йил аввал биз ярим финалгача етиб боргандик, лекин энди у тарих. Албатта, биз мусобақада муваффақиятга эришишни истаймиз. Олдимизга юқори вазифалар қўйилган. Мураббийлар штаби ва Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари мақсадга эришиш учун қўлдан келган барча ишни қилади», — деди Миржалол Қосимов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 10 январь куни КХДРга қарши майдонга тушади.
Изоҳ (0)