Facebook’даги ProudToBeUzbek гуруҳига фойдаланувчилардан UMS мобил оператори рақамлари сотиб олингани акс этган тўлов қоғозлари суратини жойлаштирди.
Тўлов қоғозларидан биридаги рақам 24 миллион 109 минг сўмга, иккинчисидаги рақам эса 12 миллион 82 минг сўмга сотиб олингани акс этган. Иккала тўлов ҳам нақд пул билан «Алоқабанк» орқали амалга оширилгани кўриниб турибди.
Расм остига билдирилган изоҳларда гуруҳ аъзоларининг баъзилари UMS’да нархлар ҳаддан ташқари юқорилигини айтган бўлса, бошқалар бунча пулга рақам сотиб олган мижозни танқид қилган.
Ушбу сурат ким томонидан ижтимоий тармоқларга чиқариб юборилгани маълум эмас.
Маълумот учун, 2014 йил 1 декабрдан Ўзбекистонда фаолиятини бошлаган UMS мобил алоқа операторининг 30 ноябрдан ишга тушган расмий сайтида ёзилишича, чиройли рақамлар учун алоҳида тарифлар жорий этилган. 10 минг доллар турадиган «Платина» рақамлар соҳиблари кунига 20 цент абонент тўлови ҳам тўлайди. «Супер олтин» рақамлар нархи 5 минг доллар, кунлик абонент тўлови 20 цент, «Олтин» рақамлар нархи 1000 доллар ва кунлик абонент тўлови 15 цент, «Кумуш» рақамлар нархи 500 доллар ва кунлик абонент тўлови 10 цент ҳамда «Бронза» рақамлар нархи 100 доллар ва кунлик абонент тўлови 5 цент эканлиги кўрсатилган.
Жумладан, юқоридаги тўлов қоғозларида акс этган рақамлардан бири XYY-YY-YY кўринишига эга «Платина» (нархи 10 минг АҚШ доллар), иккинчиси ХХХ-00-0Х (нархи 5 минг доллар) кўринишидаги «Супер олтин» рақами ҳисобланади.
Изоҳ (0)