Бухоро вилояти Вобкент туманидаги «Қипчоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро хотини билан севиб-севилиб, 2000 йилда турмуш қурган эди. Улар вақт ўтиб, уч нафар фарзандли бўлди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
Орада оила эркагининг иши юришмай қолди-ю, тирикчилик ташвишида Россияга отланди. Астойдил меҳнат қилди, рўзғори ҳам анча эпақага келиб қолди. Шундай кунларнинг бирида телефон қилган хотини уйга ўғри тушгани-ю, бор будига қўшиб, қўйларини ҳам ўғирлаб кетганини айтиб, йиғи-сиғи қилди. Шуҳрат бу хабардан хафа бўлган бўлса-да, «йигит моли ерда», дея ўзига-ўзи таскин берди ва хотинининг кўнглини кўтарди.
Шу кундан бошлаб Шуҳрат янада яхшироқ ишлаб, кўпроқ пул топишга, бу билан ўғирланган мол-мулкининг ўрнини тўлдиришга бел боғлади. Бунинг учун ҳатто кундалик харажатларни ҳам камайтирди.
Аммо хотини билан гаплашганидан икки кун ўтиб, унга бегона рақамдан нотаниш аёл қўнғироқ қилди-да, дабдурустдан «Сиз ишониб, бирга яшаган Насибангиз фоҳишалик қилиб юрибди. Уйингизда ҳеч қанақа ўғрилик бўлмаган, аксинча, хотинингиз қўйларни сотиб, қарзлари эвазига тўлаяпти», — деди.
Оила хўжайини кутилмаган «янгилик»дан тамоман гангиб қолди. Қўли ишга бормай, уйига ошиқди. У йўл-йўлакай ўтган йилларни бирма-бир эслай бошлади ва охирги пайтлар уйига борганида хотини сабабсиз жанжал чиқариб, у билан яшамаслигини айтганча уйдан чиқиб кетадиган одат чиқаргани ёдига тушди.
2012 йилнинг 1 августи куни эркак ўзини қўярга жой тополмади. У ғурури поймол этилганини ўйлаб, бошини чангаллади. Бир маҳал қўлини мушт қилганча, шаҳд билан ўрнидан турди.
Эр-хотин ўртасидаги тортишув узоқ давом этмади. Ўзини бошқаролмаган эркак хотинини бўғиб ўлдирди. Аёл жон таслим қилгач, қотил эр профилактика инспекторига хабар берди. Ҳукм ўқилди. Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)