«Америка хоними» ва «Дунё хоними — Россия» танловларининг биргаликдаги финал босқичи Қримдаги сув устида қурилган майдончада ўтказилади. Бу ҳақда танлов ташкилотчиларидан бири ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси Алексей Кузнецов маълумотига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
«Айни дамда биз бир қатор майдончалар устида иш олиб бормоқдамиз. Танловларнинг дастлабки босқичлари икки ҳафта давомида Қрим бўйлаб турли жойларда, хусусан, минтақанинг тарихий меросини таъкидлаш мақсадида қадимги Херсонес шаҳридаги антик театрда ўтказилади. Бироқ финал бўлиб ўтадиган жойни сир сақламоқчимиз. Фақат бир нарсани айта оламизки, майдонча барчани, айниқса, америкалик дўстларимизни ҳайрон қолдиради. У сув устида бўлади», — деди Кузнецов.
Шунингдек, у ҳамкорликда ўтказилаётган танловларни ташкиллаштириш бўйича қўмитага Севастополь губернатори вазифаларини бажарувчи Сергей Меняйло раҳбарлик қилишини маълум қилди.
Ташкилотчилар айни дамда 19 ноябрь куни Американинг Мериленд штатида бўлиб ўтадиган «Дунё хоними — 2014» гўзаллик танлови финалида Россиядан икки иштирокчи қатнашиши имкониятини муҳокама қилмоқда: «бири Россия хоними сифатида, иккинчиси Севастополни ҳимоя қилиб. Ҳозирча биз уларнинг исмини билмаймиз. Ҳозир даъвогарлар саралаш босқичидан ўтмоқда. Қарор яқин кунларда расман эълон қилинади», — деди Кузнецов.
Изоҳ (0)