Япония Бош вазири Шинзо Абе Россия билан диалогни фаоллаштириб, иккала давлат ўртасидаги муносабатларни миллий манфаатлар асосида қуришни исташини маълум қилди, деб хабар бермоқда ИТАР-ТАСС.
«Россия билан диалогни фаоллаштирмоқчимиз, жумладан ноябрь ойида Пекинда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида иккала давлат етакчиларининг учрашуви эҳтимоли ҳам бор. Биз япон-рус муносабатларини миллий манфаатларимизга мос равишда қурамиз», − деди Абе.
Жанубий Курил ороллари масаласида Абе ҳукуматнинг аввалги позициясини такрорлади: «Биз шимолдаги 4 оролга эгалик қилиш масаласини ҳал қилиш ва бу борада Россия билан тинчлик шартномасини тузиш учун қаттиқ ҳаракат қиламиз».
26 сентябрь куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ноябрь ойи ўрталарида Пекинда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги саммити доирасида Япония ва Россия раҳбарлари учрашуви ташкиллаштирилиши мумкинлигини маълум қилган эди. Россия президентининг Японияга ташрифи тўғрисида берилган саволга Ушаков ташрифнинг қачон ташкиллаштирилиши дипломатик каналлар орқали ҳали келишилмаган, деб жавоб қайтарган.
Изоҳ (0)