Нидерландияга Донецк яқинидаги авиаҳалокат қурбонларининг илк мурдалари келтирилди. Харьковдан учган иккита ҳарбий транспорт самолёти Эйндховен аэропортига қўнди, дея хабар берди Euronews.
Уларни қирол Виллем-Александр ва қиролича Максима, бош вазир Марк Рютте ва бош вазир ўринбосари Людвиг Ашер, шунингдек қурбонларнинг қариндошлари кутиб олди. Мотам маросими учиш майдонининг ўзида бўлиб ўтди. Ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқа сукут сақланди.
Харьковда мотам рейсларини украиналик дипломатлар ва ҳалокатли рейс йўловчиларининг фуқаролиги тегишли бўлган давлатларнинг элчилари кузатиб қолди.
Жасадлар аввал Нидерландияга, сўнг бошқа давлатларга олиб ўтилади. Ҳозирча жасадларнинг барчаси топилмаган. Айни пайтда 200 кишига тегишли мурдалар аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Malaysia Airlines’нинг «Боинг-777» самолёти 17 июль куни кечқурун Украина шарқида қулаб тушди. Бортдаги барча 298 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 193 нафари Нидерландия фуқароларидир.
Изоҳ (0)