АҚШ суди Техас штатида истиқомат қилувчи собиқ актриса Шеннон Ричардсонни ҳаёт учун хавфли рицин заҳарини тайёрлаб, уни президент Барак Обама ва Нью-Йоркнинг собиқ мери Майкл Блумбергга мактуб орқали жўнатгани учун 18 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
Заҳарли мактуб 2013 йил май ойида Луизиана штатидаги Шривпорт шаҳарчасидан юборилган. 7 июнь куни эса 36 ёшли Ричардсон Шривпортдан 160 километр узоқликдаги Ню-Бостон шаҳрида қўлга олинган. Юборилган мактубларда ўқотар қуроллар савдо-сотиғи устидан қаттиқ назорат ўрнатгани учун собиқ мер ва президентга қаратилган таҳдидлар ёзилган.
Прокурорларнинг айтишича, актриса аввалига ўз айбини турмуш ўртоғига қўйиш ниятида полицияга эрининг компьютеридан рицин заҳарини тайёрлаш бўйича қўлланма, шунингдек, Обама ва Блумберг ҳақида маълумот топиб олганини айтган. Бироқ у ёлғонни аниқловчи қурилма тестидан ўтказилгач, мактубни актриса жўнатгани аниқланди.
Олти фарзанднинг онаси бўлган Ричардсон декабрь ойида жазони енгиллаштириш учун айбини тан олган.
Маълумот учун, Шеннон Ричардсон «Вампир кундалиги» (The Vampire Diaries), «Тирик мурдалар» (The Walking Dead) ва «Мушкул аҳволда» (The Blind Side) сингари фильмларда рол ижро этган.
Изоҳ (0)