Пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да агросаноат комплекси учун минитехнологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг Uzbekistan Agrominitech Expo—2014 IX халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг Uzbekistan Agrotechmash Expo—2014 III халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгаши томонидан ташкил этилди.
Uzbekistan Agrominitech Expo—2014 кўргазма-савдосида Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Германия, Испания, Эрон, Италия, Япония, Нидерландия, Россия, Туркия каби 26 давлатдан 150 дан зиёд компания иштирок этмоқда.
Германия, Франция ва Хитой ишлаб чиқарувчилари мева-сабзавотни тозалайдиган ва кесадиган ускуналар, полиз маҳсулотлари сифатини аниқлайдиган ўлчов мосламалари, турли музлатгич агрегатлари, вакуумли тўлдиргичларни тақдим этмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, фермер хўжаликлари учун зарур ELDOSH EL 150-1 уч ғилдиракли юк мотоцикли ва автотиркамалар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Кўргазмаларда «Ўзсаноатмашимпекс» давлат акциядорлик компанияси таркибига кирадиган корхоналар ҳам иштирок этмоқда. Компания юртимизда ишлаб чиқариладиган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланади. Унинг йиллик товар айланмаси қарийб 900 миллион АҚШ долларини ташкил қилади, дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатида савдо операцияларини амалга оширмоқда.
«Ливадия-Бухоро» хусусий корхонаси стендида кенг турдаги қуруқ меваларни қайта ишлаш ускуналари намойиш этилаётир. Корхона ходимлари мева-сабзавот, доривор ўсимликлар, шунингдек, гўшт, балиқ, парранда ва макарон маҳсулотларини қуритиш ускуналарини ишлаб чиқиб, патент олган. Корхона маҳсулотлари МДҲ, Европа, Осиё ва Америка мамлакатларида ўз харидорларига эга бўлмоқда.
Uzbekistan Agrotechmash Expo—2014 халқаро кўргазмасида ўн мамлакатдан қишлоқ хўжалиги техника ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқарадиган йигирмадан зиёд етакчи компания, шунингдек, миллий корхоналар – «Тошкент трактор заводи», «Агрегат заводи» ва «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари ва лизинг компаниялари иштирок этмоқда.
«Тошкент трактор заводи» универсал «ТТЗ 80.10» ва «ТТЗ 80.11» тракторларини, «MX-1,8» пахта териш машиналарини, трактор ва тиркамаларни намойиш этмоқда. «Агрегат заводи» кенг турдаги сеялка, ўроқ машиналар, минерал ўғит сепгичлар, култиватор, қишлоқ хўжалиги машиналари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни таклиф қилмоқда.
Кўргазмада Doosan, Daichi, Deadong (Жанубий Корея), Case, New Holland (АҚШ), CLAAS, Lemken, МАN (Германия) ва дунёга машҳур бошқа етакчи компанияларнинг 50 дан ортиқ техника турлари намойиш этилмоқда.
Халқаро кўргазмалар доирасида замонавий хорижий технологиялар тақдимоти, фермерлар учун семинар ва учрашувлар ўтказилади.