АҚШнинг Массачусетс штатида уч ойлик немис овчаркаси ўз хўжайинларининг автомобилини кўлга чўктириб юборди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Воқеа 1 июнь куни рўй берди. Ўшанда кучукчанинг эгаси Жон Костелло у билан сайрга чиққан эди. Костеллонинг айтишича, уйга қайтмоқчи бўлиб туришганида, овчарка машинани ҳаракатга келтирган. Автомобиль Боливар кўли ёнгинасида тўхтаб турган. Хўжайини машина эшигини очиши билан кучукча унга қувноқ ҳолда сакраб чиққан, сўнг панжаси билан узатмалар қутисига тегиб кетган ва газ педали устига йиқилиб тушган.
Машина бир неча метр юриб, сувга қулаган. Воқеа жойига етиб келган полициячиларнинг айтишича, автомобиль сувда «сузиб» чиққач, яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Суғурта машинани қайта тиклаш харажатларини қоплаш-қопламаслиги ҳақида хабар берилмаяпти. Шунингдек, ёш овчарканинг бу хатти-ҳаракатига нисбатан қандай чоралар кўрилиши номаълум.
Изоҳ (0)