28 май куни «Физика—Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг материалшунослик институтида Ўзбекистон академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг Наманган шаҳрида ўтказиладиган «Баркамол авлод—2014» спорт мусобақалари машъаласини қуёш нурларидан ўт олдириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Республика техник ва амалий спорт турлари маркази, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар, спортчи ва санъаткорлар иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қуёш нурларидан аланга олган «Баркамол авлод—2014» машъаласини футбол бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатлари иштирокчиси, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби Аббосбек Махситалиев, стол тенниси бўйича жаҳон чемпионати совриндори, халқаро турнирлар ғолиби Нодира Бурхонхўжаева майдонга олиб киради. Машъалани улардан олган бокс бўйича Осиё чемпиони, Паркент транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шаҳзод Аширбоев Наманган вилояти сари йўлга тушди.
«Баркамол авлод—2014» машъаласи олиб ўтилаётган шаҳар ва қишлоқларда тантанали маросимлар бўлиб ўтмоқда.
– Юксак савияда ташкил этилаётган «Кичик олимпиада»га катта тайёргарлик кўрдик, – дейди Олмалиқ тиббиёт коллежи ўқувчиси, теннисчи Муниса Тошпўлатова. – Асосий мақсадимиз ушбу йирик спорт анжуманида муваффақиятли иштирок этишдир. Шунингдек, мусобақалар давомида тажриба ошириш, дўстлар орттириш, Наманганнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш имконига эга бўлаётганимиздан хурсандмиз.
Изоҳ (0)