Украина Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Михаил Охендовский президентлик сайловларининг иккинчи турини ўтказиш учун зарурат йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Segodnya.ua» хабар бермоқда.
«Кун»нинг ёзишича, 25 май, якшанба куни бўлиб ўтган муддатидан аввалги президентлик сайловларида берилган овозларнинг 88 фоизи ҳисоб-китобига кўра, миллиардер Пётр Порошенкони Украинанинг қонуний янги сайланган давлат раҳбари деб ҳисоблаш мумкин.
«Ҳозирданоқ муҳим бир хулоса қилиш мумкин — такрорий овоз бериш жараёнини ташкил қилиш учун зарурат йўқ. 2014 йилнинг 25 май куни Украинанинг янги президенти сайланди ва барча зарурий юридик жараёнлар якунига етганидан сўнг, қайд этиб ўтаман, президентликка номзод Пётр Алексеевич Порошенко янги президентга айланади», — деди Охендовский.
Аввалроқ, экзит-поллар натижасига кўра, Пётр Порошенко сайловчиларнинг 55 фоиздан кўпроқ овозини тўплагани, унинг энг яқин та’қибчиси Юлия Тимошенко эса 13 фоизга яқин овоз олгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Порошенконинг ўзи МСК натижалари эълон қилинишидан аввалроқ сайловдаги ўз ғалабасига шубҳа қилмаётганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)