Украинанинг қочиб кетган президенти партияси ҳамкори, Forbes рўйхатига кирувчи мультимиллиардер Ринат Ахметов ўзининг металлургия ва кўмир корхоналаридаги ишчиларини россияпараст айирмачиларга қарши норозилик акцияларига қўшилишга чақирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Аввалроқ энг бадавлат украиналик асосан Донецк вилоятида жойлашган корхоналари ишчиларидан хусусий милиция тузиш ҳақида эълон қилган эди. Ахметовнинг ишчилари кўчаларда милиция билан бирга қуролсиз патруллик қила бошлаган.
Чақириқдан сўнг, ишчилар ўз корхоналари ҳудудларида қуролланган айирмачилар баррикадалари ёнидан машинада клаксонларни чалиб ўтган. Айирмачилар эса уларга жавобан Ахметовдан заводларни тортиб олишга ваъда берган.
Ушбу магнатнинг бойлигини Forbes 12,2 миллиард долларга баҳолаган. Унинг қўл остида 300 мингдан ортиқ киши ишлайди.
Ахметов қуролланган жангариларнинг оммавий ҳаракатлари бошланганидан буён биринчи марта айирмачилар ҳаракатини кескин қоралади ва уларнинг фаолиятини «Донбассга қарши геноцид» деб атади.
Изоҳ (0)