16 май куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа ва ўзаро ҳамкорлик бўйича НАТО ходими бюроси расман очилади. Бу ҳақда gazeta.uz хабар берди.
Очилиш маросимида НАТОнинг Кавказ ва Марказий Осиё (МО) бўйича бош котиби махсус вакили Жеймс Аппатурай, Ўзбекистондаги НАТОга аъзо мамлакатлар элчилари, МО давлатлари элчилари, шунингдек Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат органлари раҳбарияти иштирок этади.
Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа ва ўзаро ҳамкорлик бўйича НАТО ходими кичик штат билан бирга НАТОнинг жойлардаги дипломатик вакили вазифасини бажаради. Бундан ташқари, мудофаа режаси ва таҳлили, НАТО операцияларига ёрдам бериш, ҳарбий таълим ва тайёргарлик, илмий ва экологик масалалар бўйича ҳамкорлик, жамоатчилик дипломатияси каби соҳаларда НАТОнинг Марказий Осиёдаги шериклар билан амалий ҳамкорлигига кўмак беради.
2004 йил июнда Истанбулдаги Саммитда НАТО мамлакатлари Кавказ ва МО бўйича махсус вакил тайинлашга қарор қилган эди. Унга ҳар бир ҳудуд учун биттадан — икки нафар ходим алоқа ва ўзаро ҳамкорлик бўйича ёрдам беради.
НАТОнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасини Тошкентда очиш масаласи 2011 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи ва НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан учрашуви чоғида муҳокама қилинган эди.
Қозоғистон НАТОнинг алоқа ва ўзаро ҳамкорлик бўйича ходимини қабул қилган Марказий Осиёдаги илк шерик бўлди. 2013 йил мартидан НАТО ходими Ўзбекистонда иш бошлади, унинг офиси 2013 йил июлида дипломатик ваколатхона сифатида аккредидациядан ўтган.
Изоҳ (0)