Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетида «Китобхонлар танлови»нинг минтақавий босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан тўққиз олий ўқув юртининг 70 га яқин талабаси иштирок этди.
Бешта шарт бўйича ғолиблар аниқланди. «Китоб – тафаккур хазинаси» номинацияси бўйича Нукус давлат педагогика институти талабаси Гўзал Иброҳимова, «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси» йўналиши бўйича қорақалпоқ давлат университети талабаси Муқаддас Аллаберганова ғолиб деб топилди. «Энг ёш ижодкор талаба» йўналишида қорақалпоқ давлат университети талабаси Гулзода Ўтениёзова биринчи ўринга муносиб кўрилган бўлса, «Асарлардан яралган саҳна асарлари» номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиали жамоаси, «Асарлардан яралган наволар» йўналиши бўйича қорақалпоқ давлат университети талабалари Саламат Аяпов ва Ерисбой Асқаров ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.