Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида давом этаётан футзал бўйича Осиё чемпионатининг «Д» гуруҳи иккинчи тур ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси 3 май куни амалдаги Осиё чемпиони – Япония терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ҳақда Uff.uz хабар берди.
Ўйиннинг биринчи бўлими 9-дақиқасида япониялик футзалчилар ҳисобда олдинга чиқиб олди, аммо орадан бир дақиқа ўтмасдан Андрей Шлема ўртадаги мувозанатни тиклади – 1:1.
Ўйиннинг иккинчи бўлими тенг курашлар остида кечди, аммо ўйиннинг асосий вақти сўнгги дақиқасида Артур Юнусов Ўзбекистон терма жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.
Шу тариқа, 2-тур учрашувида Японияни мағлубиятга учратган Баҳодир Аҳмедов шогирдлари гуруҳдаги очколари сонини тўрттага етказди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Қирғизистон терма жамоаси Жанубий Кореяни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳнинг сўнгги ўйинида Жанубий Корея терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйин 5 май куни соат 16:30 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни бўлиб ўтган биринчи тур ўйинида Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги ўзбекистонлик футзалчилар Қирғизистон терма жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.
Изоҳ (0)