«Ал Жаиш» клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи сўнгги турида «Бунёдкор»га қарши кечган учрашув борасида Осиё Футбол Конфедерациясига шикоят хати ёзган. Uff.uz’нинг хабар беришича, шикоятга сабаб сифатида ОЧЛ баҳсларида «Бунёдкор» таркибида майдонга тушган Анвар Ғофуров плей офф босқичида «Локомотив» таркибида ҳам тўп сургани кўрсатилган. «Ал Жаиш» шу сабаб билан «қалдирғочлар»ни мусобақадан четлатишни талаб қилган.
ОФК бу борада якуний қарорни бугун, 2 май куни қабул қилиши кутилмоқда. Uff.uz’нинг маълум қилишича, ОФК бу борада «Бунёдкор» фойдасига қарор чиқариши деярли аниқ. Клуб ОЧЛ регламентига мувофиқ иш кўрган. Боз устига ОФК томонидан Анвар Ғофуровнинг ОЧЛда иштирок этиши учун рухсат берилган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, ўтган вақт давомида ОФК ОЧЛ нимчорак финалида «Бунёдкор» ва «Ал Ҳилол» ўртасида кечадиган ўйин ташкилотчилиги борасида тўлиқ иш олиб борди ва учрашувга деярли ҳамма нарса тайёр қилиб қўйилган. Бугун бу учрашув тақдири борасида расмий хабар берилиши кутилмоқда.