Тбилиси мери Каха Каладзе Грузия ҳукумати Америка санкцияларидан қўрқмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Рустави2” хабар берди.
Аввалроқ АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Жеймс O’Брайен агар “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун ҳозирги кўринишда қабул қилинса, Вашингтон Грузия расмийларига қарши санкциялар жорий қилиши ва ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқишини айтган эди. Унга кўра, Қўшма Штатлар иқтисодий ва ҳарбий ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқиши, шунингдек, қонун қабул қилинишига алоқадор шахсларга нисбатан шахсий санкциялар жорий қилиши мумкин. O’Брайен, шунингдек, тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўллаш қабул қилинмаслигини таъкидлаган ҳамда Грузия ҳукуматини намойишчиларга қарши репрессиядан воз кечишга чақирган.
Агар биз стратегик ҳамкорлик, дўстлик ҳақида гапирадиган бўлсак, шантаж ва таҳдидли суҳбатларга йўл қўйиб бўлмайди. Мен шахсан ўз фикримни ва партиядошларимнинг позициясини билдираман, бу санкциялардан ҳеч ким қўрқмайди, — дейди Грузия мери.
Каладзе Грузия расмийларига қарши санкциялар қўлланилиши учун қандай асослар борлигини тушунмаслигини айтган.
Аввалроқ Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни учинчи ва якуний ўқишда қабул қилган эди. Қонунни 84 нафар депутат маъқуллаган, 30 нафари эса қарши чиққан. Энди қонунни аввалроқ унга вето қўйишга ваъда берган Грузия президенти Саломе Зурабишвили имзолаши керак.
Шунингдек, ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел ва Европа комиссари Оливер Вархели ушбу қонуннинг қабул қилиниши Грузиянинг ЕИга қўшилиш йўлидаги тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)