Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида аҳоли турар жойига келиб қолган айиқ отиб ўлдирилганди. Бош прокуратура ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, “Кичик кўл” қишлоғига номаълум томондан келиб қолган қўнғир тоғ айиғини туман ИИБ, туман ободонлаштириш, экология бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ушлаш чорасини кўриш вақтида “Жаннатмакон” маҳалласи ёшлар етакчиси С. Ҳусайиновни судраб, туман ИИБ XПБ профилактика инспектори катта лейтенант Р. Ҳасановга ташланган ва унинг ўнг қўли бармоқ соҳасига енгил тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг, маҳаллада жойлашган 74-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси томонга кириб бораётган вақтида мактаб қоровули томонидан мактаб дарвозаси ёпиб қўйилган. Шунга қарамасдан айиқ ўзини дарвозага уриб, мактаб биносига кирмоқчи бўлган.
Мактаб ўқувчиларига ва шу ердаги аҳоли ҳаётига хавф туғдиришини олдини олиш мақсадида туман ИИБ ҳисобида турувчи овчилар жалб қилиниб, айиқ отиб зарарсизлантирилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, айиқнинг қутурганлигини аниқлаш бўйича лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)