Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи икки жиноятдан гумонланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби “Дарё”га хабар берди.
Унга кўра, Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи М.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. У фирибгарлик жиноятини содир қилганликда гумонланмоқда.
Хабар берилишича, у Навоий шаҳар ҳокими орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гумонланувчи М.О. бир ой аввал, жорий йилнинг мартида ушбу лавозимга тайинланган. У 1997 йили Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Олий маълумотли. “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Навоий давлат педагогика институтини тамомлаган. Тайинловга қадар “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган.