3 апрель, чоршанба куни Ўзбекистон Про Лигаси 4-туридан ўрин олган “Машъал” ва “Шўртан” ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
Унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 86-дақиқасида Майкл Бабатунде рақиб дарвозасини ишғол қилди.
“Машъал” жамоаси голни нишонлаётганда “Шўртан” дарвозабони Шерзод Абдураимов мезбонлар ўйинчиси 9-рақамли Иброҳим Ғанихоновга аввал қўл билан зарба берди. Икки футболчи ўртасида тортишув бошланди ва Шерзод Абдураимов футболчининг юзига “калла қўйди”. Ғанихонов зарбадан кейин ерга қулади ва шифокорлар ёрдами билан майдонга қайтди.
Эътиборли жиҳати айнан шу футболчи “Нефтчи” — “Турон” учрашувидаги жанжалда асосий иштирокчилардан бири бўлганди. У ўшанда ҳакамга ҳужум қилиб, 1 йил муддатга футболдан четлатилиб, 15 миллион сўм жаримага тортилган эди.
ПФЛ матбуот хизмати хабар беришича, “Шўртан” дарвозабонининг лицензияси қайтариб олиниб, унинг иши ЎФА қўмитасига юборилган.