Қирғизистон олимлари кучли зилзилалар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров парламент йиғилишида маълум қилди.
Жапаровга кўра, олимлар хавфли ҳудудларни аниқлаб, уларни ўрганишмоқда.
“Қирғизистонда ҳар йили 13 мингга яқин сейсмик тебранишлар содир бўлади. Биз назоратни бўшаштирмаслигимиз керак”, — деди у.
Вазирлар маҳкамаси раҳбари сўнгги 100 йил ичида Қирғизистон ҳудудида 7 баллдан ортиқ 10 дан ортиқ зилзила содир бўлганини айтди. Улар Кемин, Сари-Қамиш, Олойда кузатилган.
“Дунёда доим зилзилалар бўлади. Масалан, 2 апрель куни дунё бўйлаб 24 соат ичида 828 та зилзила қайд этилган. Охирги етти кун ичида 6892 та зилзила содир бўлди”, — деди Жапаров.
Шу муносабат билан Вазирлар маҳкамаси раҳбари қурилишда энг замонавий технологияларни қўллаш, биноларнинг сейсмик чидамлилигини текшириш долзарб эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 4 март куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 5 магнитудали, Қирғизистонда эса 5,2 магнитудали зилзила содир бўлганди. Ер силкинишларини пойтахт ва Чуй вилояти аҳолиси ҳис қилганди. Шу куни Ўзбекистон ҳудудида ҳам 4,6 магнитудали зилзила қайд этилган.