Наманганлик Ойдина Мирзаҳамдамова Калашников автоматини 6,09 сонияда қисмларга ажратиб, республикадаги энг яхши кўрсаткични қайд этмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ойдина 16 ёшда, Учқўрғон туманидаги 37-мактабнинг 11-синфида таҳсил олади. Синфдоши ва адаши Ойдина Раҳимбердиева билан биргаликда мактабда ташкил этилган «Ёш қутқарувчи» ва «Ёш чегарачи» тўгаракларига қатнашиб келмоқда.
«Ҳарбий соҳага қизиқиш болалагимдан бери бор, чунки ҳамма қиз набиралар бувиси билан катта бўлса, мени бобом улғайтирганлар. Мактабда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик дарсларида қатнашиб, бу иштиёқ яна ҳам кучайди. Шу йўналишдаги мусобақаларга қатнаша бошладим. Айниқса, Калашников автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш машқи ёқиб қолди. Тўғри, бу қизиқиш ортидан қўлим шишиб, кўкарган пайтлар ҳам кўп бўлган, лекин бунга аллақачон кўникиб кетганман», — дейди қаҳрамонимиз.
Ойдинанинг ўқитувчиси ва устози Ҳожиакбар Қаҳҳоровнинг айтишича, мактаб ўқувчиларидан иборат жамоа Мудофаа вазири кубоги учун ўтказилган турнир, «Ёш чегарачи» мусобақасида юқори ўринларни қўлга киритди. Жорий йил ноябрь ойида эса «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Чирчиқда ташкил қилинган «Шунқорлар» республика мусобақасида учқўрғонлик ўқувчилардан иборат вилоят жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
Бунда Ойдинанинг ҳам катта ҳиссаси бор.
Ойдинанинг Калашников автоматни қисмларга ажратишга 6,09 сония, йиғишга эса 13,27 сония, жами 19,36 сония сарфламоқда. Лекин бу натижадан кўнгли тўлаётгани йўқ.
«Опамнинг телефони қўлимга тушиб қолса, дарров Калашников автоматини йиғиш-териш бўйича видеоларни кўраман. Татаристонлик Комила Бадриддинова деган қиз бор, 11 сонияда шу ишни бажариб, дунё рекордини ўрнатган. Ҳаракатлари шундай енгил, ўзи шундай чаққон. Ундан нимадир ўрганишга ҳаракат қиляпман. Хуллас, ҳали натижаларим билан мақтанишга анча бор», — дейди у.
Ойдина оилада уч нафар қизнинг ўртанчаси. Опаси Озода университет талабаси, бўлажак ўқитувчи, синглиси Моҳинур мактабда ўқийди, шифокор бўлиш ниятида. Унинг ўзи эса келажагини ҳарбий соҳа билан боғламоқчи: ҳарбий ўқув юртларидан бири ёки Ички ишлар академиясида ўқиш нияти бор. Ўзининг айтишича, уйдагилари бунга бироз қаршилик қилиб туришибди, лекин қаҳрамонимиз ўқув йили тугагунига қадар уларнинг фикри ўзгаришига умид қилмоқда.