Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ССВ тизимидаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасида бюджет маблағларининг фойдаланилиши, қонун ҳужжатларига риоя этилиш ҳолатлари ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганишда клиника мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларидан фойдаланиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Ўтказилган ўрганиш якуни бўйича, клиника фаолиятида жами 9 миллиард 747 миллион 598 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан 586 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани маълум бўлган.
Мавжуд аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.
Шунга мувофиқ, агентлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси Президентнинг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2020 йилнинг апрелида ташкил этилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказида текширув ўтказилган, марказнинг айрим мансабдорлари 15,3 миллиард сўмни ўзлаштиргани маълум бўлган, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, беш киши қамоққа олинган эди.