Ўзбекистонда янги спорт ташкилоти — Скейт Ўзбекистон ассоциациясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Конференцияда Скейт Ўзбекистон ассоциацияси раиси этиб, бир овоздан Азиз Аҳмедов ҳамда бош котиб лавозимига Камол Усмонов сайланди.
Маълум қилинишича, ушбу ассоциациянинг ташкил этилиши янги ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади, яъни, энди скейтбординг ва роллер спорт турлари бўйича ёшларда нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлиб, мамлакатда ушбу спорт турларига ихтисослашган замонавий иншоотларни барпо этишга замин яратилади.
Таъкидланишича, бугунги кунда жаҳоннинг World Skate ассоциацияси билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу спорт турини Ўзбекистонда ривожлантириш ҳамда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши учун музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, конференцияда янги ташкил этилаётган ассоциация олдида турган масалалар ҳамда истиқболли режалар юзасидан келишиб олинди.
Маълумот учун, Скейт Ўзбекистон ассоциацияси скейтбординг, роллерли конкида учиш, роллерда фигурали учиш, роллерда юқори тезлик, роликли конкида эркин услуб, шунингдек, эркин слалом, роллерда хоккей, роллер дерби ва скутер, шунингдек, эркин скутер каби спорт турларини ўз ичига олади.
Ўзбекистонлик скейтбордчилар учун Париж-2024 Олимпиадасига 12 та лицензия олиш имконияти мавжуд, дейилади хабарда.