Тошкентнинг Яккасарой туманида Lacetti ЙТҲга учраб, ёнғин чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. ЙҲХББ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, автоҳалокат 10 октябрь куни соат 21:00 ларда Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида юз берган. 19 ёшли ҳайдовчи Ш.Н. Lacetti’да ҳаракатланаётиб, ушбу кўчада жойлашган «Анжир» ресторани рўпарасига етган вақтида бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги ёритиш чироғи устунига урилган.
Тўқнашув оқибатида автомобилда ёнғин юзага келган. Ўт ўчирувчилар томонидан ёнғин бартараф қилинган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи Ш.Н. ва бир нафар йўловчи вафот этган. Яна 2 нафар йўловчи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ЙТҲ содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.