Қамчиқ довонида 9 октябрь куни соат 07:30 ларда MAN юк машинаси ЙТҲга учради. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган вилояти ҳудудидан ўтган А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлида, Қамчиқ довонида ҳайдовчи MAN русумли юк автомобилида ҳаракатланаётиб, 234-километрга етган вақтда бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси қарама-қарши оқимни ажратувчи тўсиққа урилган.
ФВВ маълумотига кўра, бунинг оқибатида 20 тонна узум ортилган юк машинаси йўлнинг ҳаракат қисмига халақит берадиган даражада тўхтаган. Воқеа жойига зудлик билан «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари, ЙПХ ва «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари етиб келган. Қутқарувчилар махсус техникалар ёрдамида соат 13:30 да ҳодисани тўлиқ бартараф этиб, ЙПХ ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда қўшимча суриштирувлар олиб борилмоқда.