Ўзбекистонга 2021 йилнинг дастлабки саккиз ойида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларни ташкил этди.
Марказий банк маълумотларига кўра, пул ўтказмалари 2020 йилнинг мос даврига (3,6 миллиард доллар) нисбатан 35 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 миллиард доллар) нисбатан эса 26 фоизга кўп.
Қайд этилишича, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ортиши аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу омиллар ўз навбатида, ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим рол ўйнади. Жаҳон банки таҳлилчилари иқтисодиётнинг тикланишига меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши ҳам кўмаклашишини қайд этган.
Таъкидлаш жозики, мамлакатга 2021 йил бошидан буён юборилган пул ўтказмалари ҳажми ҳар ой ортиб борди.