Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳридаги сув тармоқлари ва оқова сув тармоқларининг қудуқларига ўрнатилган люкларнинг ўғирланиш ҳолати кўпаймоқда. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 3 минг километрдан ортиқ сув, қарийб 2 минг километрга тенг оқова сув (канализация) қувурлари мавжуд. Манзилларга узатилган қувурларни бир нуқтада боғлаш учун эса турли ҳажмдаги қудуқлар ўрнатилган. Сув тармоқларида 32 мингдан ортиқ, оқова сув тармоқларида эса 107 мингдан кўп қудуқ бор. Уларнинг ҳар бирига люклар ўрнатилган.
«Сўнгги вақтларда ана шу люкларнинг йўқолиш ҳолатлари жуда кўп учрамоқда, яъни ўғирлаб кетилмоқда. Масалан, сўнгги пайтларда сув тармоқларидаги қудуқлардан йилига 2 мингтагача, оқова сувлардан эса 3 мингтагача ана шундай люклар йўқолмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, люк жамланмалари ҳажмига кўра ўртача 575 минг сўмдан 2 миллион сўмгача харид қилинади.
«Бунинг натижасида ‘Тошкент шаҳар сув таъминотиъга йилига миллиардлаб маблағларни йўқотишига тўғри келмоқда. Аксарият ўғирланган бу каби люклар иккиламчи металларни қабул қилувчи шохобчаларга топшириб юборилмоқда.
Қайд этилишича, люкларни қисқа пайвандлаш ҳам натижа бермай қўйган.
«Халқнинг мулкига хиёнат қилиб, арзимаган маблағ эвазига ён-атрофингиздагиларнинг маънавий ва жисман ҳамда моддий зарар кўришларига, қолаверса, соҳа корхонасининг миллиардлаб маблағлари беҳуда совурилишига йўл қўяётганларга кўзингиз тушса, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беринг. Ўринсиз зарарларнинг ўрнини қоплашга сарфланаётган маблағлар соҳада хизмат сифатини яхшилашга сарфланса, сув таъминотидаги муаммолар бир мунча камайган бўларди», — дейилади хабарда.