Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси ўқувчилардан бирининг акалари томонидан қаттиқ калтакланди.
Мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шохнур Оққўзиевнинг сўзларига кўра, 6 апрель куни 6-А синфга дарсга кирган ва тайёрланиб келмаган ўқувчиларга паст баҳо қўйган.
«6 ёки 7 нафар ўқувчига журналга 3 баҳо, кундаликларга эса уйдагилари хабар топсин деб 2 баҳо қўйгандим. Кейин бир ўқувчим норози бўла бошлади ва жаҳл қилиб чиқиб кетиб қолди. Дарс тугагандан кейин журналларимни йиғиштириб пастга тушсам, ўша ўқувчи келиб, устоз сизни акам чақиряпти деб қолди. Мен ҳар доимги ота-оналардан бири бўлса керак, деб ўйладим. Борганимда эса 3 нафар йигит турган экан, сенми ўша зўравон деб бирдан қўлимга тармашиб кетди.
Нима қилдим мен, шикоятингиз бўлса устимдан арз қилинг дедим. Ўша вақтда ичимга муштлаб ура бошлашди. Ўзимни ўша ҳолатда ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Тўғриси, кучим етмай қолди. Кейин улардан бири бўйнимдан бўғиб кетди. Кейин ўзимни йўқотдим», – дейди жабрланган ўқитувчи.
Шохнур Оққўзиевнинг айтишича, жанжални мактаб ўқитувчилари тўхтатиб қолган. Ўқувчининг акалари ўқитувчини калтаклаганидан кейин таҳдид ҳам қилган. «Калтаклашгандан кейин, сен кетиб қолмай тургин, кечга сўйиб кетамиз. Тайёр бўлиб тур шу ерда, деб айтишди. Шундан сўнг, она тили фани ўқитувчиси маҳалла инспекторини чақирди», – деб қўшимча қилади жабрланувчи.
Жабрланувчи 2 баҳо қўйган ўқувчи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ўғли эканини, уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари эканини айтмоқда.
Таъкидланишича, 134-мактабнинг маънавий- маърифий ишлар бўйича ўринбосари мактаб ҳудудида жанжал содир бўлганини рад этмаган, аммо воқеага унинг фарзандлари сабабчими ёки йўқ бунга аниқлик киритмаган.
Калтакланган ўқитувчининг онаси эса ўғлининг кейинги фаолиятидан хавотирланмоқда.
«Ўғлим Миллий университетнинг филология факультетини 2020 йилда тамомлаганди. 4-курсда таҳсил олаётганда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ўғлимнинг контрактини тўлашга ёрдам берганди. Шарти эса чекка ҳудудларга бориб дарс бериши керак эди. Ўғлим ҳозирда 100 километр масофага, Қарши туманидан Чироқчи туманига қатнаб ишлаяпти. Чекка қишлоқнинг фарзандларига чет тилини ўргатишга астойдил ҳаракат қиляпти. Яхши ният билан ишга кирганига ҳали атиги 6 ой бўлди. Лекин таҳдидларга қолиб, калтаклангани менга ҳам, унга ҳам жуда оғир ботди. Унинг келгуси фаолиятидан хавотирга тушяпман», – дейди ўқитувчининг онаси Инобат Қурбонова.
Инобат Қурбонованинг айтишича, ўғли шифохонага ётқизилгандан кейин «зўравон» йигитлар ва уларнинг қариндошлари бир неча бор келиб узр сўраган. Келишиб олишни таклиф қилишган.
Маълум бўлишича, айни пайтда Шохнур Оққўзиев вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига шикаст етказилган. Ҳодиса содир бўлган «Умакай» маҳалласи профилактика инспектори Сардор Аҳмадовнинг сўзларига кўра, у Шохнур Оққўзиевга Суд тиббий экспертизасига қарор чиқариб берган, ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда неварасини ургани учун ўқитувчини ҳақоратлаб, унга тарсаки туширган аёлга нисбатан судга даъво аризаси киритилгани, Ангренда ўқитувчи калтаклаган ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)