Бош прокуратура матбуот хизмати пул эвазига прокуратура органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар ушланганини маълум қилди.
Қайд этилишича, фуқаро И.Э.нинг аризаси асосида Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Муаллиф аризасида Носир исмли шахс мансабдор яқинлари орқали таниши А.Э.ни прокуратура органларига ишга жойлаштириш эвазига жами 30 минг доллар талаб қилиб, ушбу пуллар ҳисобидан 5000 долларини олдиндан беришни сўраганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу мурожаат юзасидан 4 апрель куни ўтказилган тадбирда икки нафар фуқаро Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган «Денов» чойхонасида ариза муаллифи И.Э.дан 5 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумондор шахслар процессуал тартибда ушланган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш учун аёлдан 2 минг доллар талаб қилганлар қўлга олингани, Термизда 3 минг доллар эвазига икки кишини ҳарбий қисмга ишга жойлаштириб қўймоқчи бўлган шахс ушлангани, Тошкентда 4 минг доллар эвазига Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.