Россия Ички ишлар вазирлиги «алоҳида вазиятларга тушиб қолган» ноқонуний муҳожирларни расмийлаштиришни соддалаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Улар миграцион қонунчиликни бузганлик учун жазоланмайди, аввал қўлланган санкциялар эса бекор қилинади, деб ёзади «Коммерсантъ». Қонун лойиҳаси концепцияси ҳукумат томонидан маъқулланган.
«Қонун лойиҳаси алоҳида ҳолатлардаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш тартиби ва шартларини аниқлаштиради. Янги федерал қонун кучга кирган пайтда миграция соҳасида белгиланган талабларни бузган ҳолда Россия ҳудудида бўлиб турган барча шахсларга муайян вақт давомида ўз ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.
Муассаса қайд этишича, Россияда «миграция амнистияси» институти йўқ. Аммо қонун чет элликларнинг баъзи тоифаларига мамлакатда ўз ҳолатини қонунийлаштириш имконини беради. Масалан, муҳожирлар президентга мурожаат қилиши мумкин. Фуқароликни соддалаштирилган тартибда олиш имконияти узоқ вақт давомида Россияда ноқонуний бўлиб турган муҳожирлар тоифаси учун кўзда тутилган. Улар маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш учун муҳожирларга давлат хизматларини электрон шаклда олиш имконини берадиган ягона ахборот платформаси яратилишини маълум қилган эди. Яратилаётган тизимда муҳожирларнинг рақамли профиллари очилади. Профиллар чет эл фуқаросининг ҳуқуқий ҳолати, унинг биометрик маълумотлари, яшаш ва иш жойи тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Рақамли профил ёрдамида чет элликлар меҳнат шартномаси тузиш, талабалигини тасдиқлаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, ахборот хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, мамлакатдан чиқиб кетиш зарурлиги тўғрисидаги ахборот бюллетенларини ўз вақтида олиш имкониятига эга бўлади.