Қорақалпоғистондаги Мўйноқ туманида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.
Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида ‘Судочье-Акпетки’ давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида» 2021 йил 8 февралдаги қарори билан Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Судочье кўллар тизими аввал «Мўйноқ аква саноат» ДУК ҳузурида эди. Президентнинг 2019 йил 20- мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мазкур кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилган.
Маълумот учун, ҳозирда 6 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Жайрон махсус питомниги мавжуд.
«Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши натижасида уларнинг умумий майдони 3,521 миллион гектардан 3,801 миллион гектарга ёки Ўзбекистон ҳудудининг 7,84 фоизидан 8,46 фоизга кўпайди.
Мавзуга доир: Фоторепортаж: Судочьенинг сўлим манзаралари
Изоҳ (0)