20 декабрь куни кечаси Тошкент ҳайвонот боғининг бош ветеринария шифокори ва фелдшер Навоийдаги хусусий ҳайвонот боғида узоқ вақт ёмон шароитда сақланган ҳайвонларни пойтахтга олиб келди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар берди.
12 декабрь куни ижтимоий тармоқларда «Биз эстетикани сўрамадик, ҳайвонларга яхши шароит яратиб беришни сўраймиз» сарлавҳаси остида Навоийдаги ҳайвонот боғига нисбатан 70 маротаба шикоят қилинган.
Мурожаат Навоий вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари, вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари ҳамда шаҳар Санитария эпидемиология маркази ходимлари ҳамкорлигида 16 декабрь куни ўрганилган. Навоий шаҳрида жойлашган «Ҳайвонот боғи» («Ферз Умид» МЧЖ)да Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш келишувига мувофиқ текшириш ишлари олиб борилган.
Маълум бўлишича, ҳайвонларнинг бирортаси санитаризация қилинмаган ва эмланмаган. Паспорт ва биологик карталари йўқ.
Бу ҳаракатлар билан «Ферз Умид»МЧЖ «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ги қонуннинг 39-моддаси талабларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги қарорнинг 3-боб бандларини бузган.
Ушбу ҳайвонларнинг бургут, кал жўрчи, қора тасқара турлар Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Шунингдек ҳайвонот боғида бир бош айиқ сақланганлиги ушбу бир бош айиқ ёши ўтиб ўлганлиги аниқланган.
Хусусий ҳайвонот боғи («Ферз Умид» МЧЖ) директори Соҳиба Барноева Тошкент ҳайвонот боғига Африка шери, саҳро бўриси, жайра, насуа, тўқай мушуги, бургут, кал жўрчи, укки ва иккита қора тасқарани топширган.
Аввалроқ Тошкент ҳайвонот боғига каркидон ва зебралар олиб келиниши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)