12 декабрь куни соат 14:53 ларда Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказида қурилаётган 6-сонли лот майдонида ёнғин келиб чиқди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Вазирлик маълумотларига кўра, ёнғин қурилиш ишлари олиб борилаётган бинонинг ертўласида сақланган қурилиш материлларидан келиб чиққан.
Орадан 2 дақиқа ўтгач ҳодиса жойига Тошкент ФВБнинг ўт ўчирувчилари етиб келган. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин 15 дақиқа ичида тўлиқ бартараф этилган. Умумий ҳисобда 60 метр квадратга яқин жой ёниб кетган. Ён-атрофдаги биноларга зарар етмаган, ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олганлар йўқ.
«Вазият юзасидан тўлиқ ахборот қўшимча берилди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябрь ойи бошларида ҳам Tashkent City ҳудудида қурилаётган биноларнинг бирида ёнғин юз берганди.