10 декабрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Руминиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ромео Станчуни қабул қилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Таъкидланишича, суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон—Руминия ҳамкорлигининг ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинган. Учрашувда икки мамлакатнинг Европа Иттифоқи доирасидаги ўзаро алоқаларига доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани айтилмоқда.
«Ўзбекистон томони Руминия билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантиришга, жумладан, Руминия бозорига кўплаб турдаги маҳсулотларни етказиб беришни ташкил қилиш орқали ўзаро савдони кенгайтиришга алоҳида аҳамият беради», — дейилади хабарда.
Мулоқот сўнгида вазир элчининг Ўзбекистон—Руминия муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолаган. Ромео Станчу эса ўз навбатида, Руминиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолияти доимий қўллаб-қувватланганлиги учун миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, Ромео Станчу Руминиянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини 2012 йилдан буён бошқариб келаётган эди.