Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайди, дея хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Таъкидланишича, 2020 йилнинг сентябрь ойида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республиканинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 490 та ўзини ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжалиги ҳамда 26,0 минг нафар фуқаро қамраб олинди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19,1 миллион кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган.
Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,2 миллион кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3,7 фоизга (468,5 минг кишига) ошган.
2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 5,6 миллион кишини ташкил қилиб, 2020 йилнинг январь–июнь ойларига нисбатан 1,7 фоизга ёки 92,6 минг кишига ошди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,6 миллион кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг январь–июнь ойларига нисбатан 9,9 фоиз ёки 504,2 минг кишига ортган. Бу асосан республикадан ташқарига ишлаш учун чиқадиган меҳнат мигрантларининг ички меҳнат бозорига қайтиб келиши ҳамда мавсумий ишлар қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг ортиши эвазига юзага келгани айтилади.
Республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1,9 миллион кишини ташкил этган, бу 2020 йилнинг январь–июнь ойларига нисбатан 128,3 минг кишига ёки 6,3 фоизга камайган.
Ўтказилган тадқиқот натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,6 миллион кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатди. 16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси – 17,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса – 14,7 фоиз бўлди.
Республикада иқтисодий нофаол аҳоли 2020 йил январь–сентябрь ойларида 4,2 миллион кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3 фоизга ёки 130,3 минг кишига камайган.
Шунингдек, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида Туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 910 201 нафар фуқарога хизмат кўрсатилган.
Мурожаат қилган фуқароларнинг 243 946 нафари иш билан таъминланган, 500 449 киши жамоат ишларига жалб қилинган, 25 384 нафар ишсизлар касбга ўқитилган, 45 036 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланган, 38 002 кишига меҳнат муносабатлари бўйича консультациялар берилган.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 30 827 нафар оила шахсий томорқаларда, 19 174 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида банд қилинди, 7 383 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилган.
Изоҳ (0)