Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили грузин қамоқхонасида мамлакатнинг бошқа маҳбуслари каби энг яхши озиқ-овқат билан таъминланади. Бу ҳақда Грузия адлия вазири Теа Сулукианига таяниб, «Рустави 2» хабар берди.
«Бугунги грузин қамоқхонаси энг юқори халқаро стандартлар асосида бошқарилмоқда. Унда энг яхши овқатлар бўлади. Ноябрда ҳатто музлатилган гўштдан фойдаланиш ҳам тақиқланган ва маҳбусларни барра гўшт ҳамда мавсумий мевалар билан «боқаяпмиз», бир неча турдаги меню ишлаб чиққанмиз», — дейди вазир.
Адлия вазирининг таъкидлашича, Грузия пенитенциар тизимида барча маҳкумлар кимлигидан қатъий назар бир шароитдан фойдаланади. «Рост айтяпман, биз учун барча маҳбуслар бир хил», — дейди Сулукиани.
Адлия вазирлиги раҳбарининг маълум қилишича, Саакашвили озодликда ёки қамоқда бўлишидан қатъи назар ваҳима уйғота олмайди, чунки мамлакатда амалдаги сиёсий ҳукумат етарли даражада кучли.
Аввалроқ Михаил Саакашвили Грузиядаги парламент сайловида мухолифат ғалаба қозонса, мамлакат бош вазири бўлишга тайёрлигини билдирганди.
Мавзуга доир: Украина ҳукумати Саакашвили номзодини ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосарлигига тасдиқламади
Михаил Саакашвили 2015—2016 йилларда Украинанинг Одесса вилояти маъмуриятини бошқарган. 2017 йилда ўша вақтдаги Украина президенти Пётр Порошенко билан низо туфайли Саакашвили мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинганди. 2019 йилда Владимир Зеленский Украина президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгач, Саакашвилига мамлакат фуқаролиги қайтариб берилди.