Буюк Британия ҳукумати коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани сабаб олти кишидан ортиқ инсонларнинг гуруҳ бўлиб тўпланишини тақиқлаб қўйди. Бу бино ичида, жумладан, шахсий уй ва очиқ ҳаво шароитига ҳам тааллуқли. Тақиқ 14 сентябрдан кучга киради, деб хабар беради BBC.
Мазкур тақиқни бузганлар 100 фунт стерлингдан 3,2 минг фунтга қадар жаримага тортилади.
Янги қоида коронавирус тарқалишининг зарурий барча чоралари кўрилган мактаблар, иш жойлари, шунингдек, тўйлар, дафн маросимлари ва спорт тадбирларига тааллуқли эмас. Шунингдек, тақиқ учрашувлар, бирга истиқомат қилувчилар ёки бир оила аъзоларига нисбатан қўлланилмайди.
Ушбу янги қоида кучга киргунига қадар мамлакатда олти кишидан ортиқ инсоннинг бир жойда тўпланиши тақиқланган эди, бироқ полиция ушбу ҳолатга фақат 30 дан ортиқ одам йиғилса аралаша олган.
Буюк Британияда сентябрь бошидан COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди. 8 сентябрь куни мамлакатда яна 2461 кишида коронавирус аниқланган. Август ойида кунлик энг юқори кўрсаткич 1522 кишини ташкил этганди.
Пандемия бошланганидан буён Буюк Британияда 353 минг одам коронавирус билан касалланди, 41,5 мингдан ортиқ одам COVID-19 қурбонига айланди.
Мавзуга доир: Буюк Британияда коронавирусга қарши курашиш доирасида ширин ва ёғли овқатлар рекламаси тақиқланди