Британияда яшовчи Луиз Уорнфорд 18 марта абортни бошдан кечирди, кўп йиллар давомида сунъий уруғлантириш жараёнини ўтказди ва натижада 48 ёшида она бўлди. У ўзининг ҳикоясини «Фарзанд орзуси» ҳужжатли китобида айтиб берди, деб ёзади Yahoo Style UK.
1999 йил турмушга чиққан Луиз бир неча ойдан сўнг фарзанд кўришга қарор қилган, аммо дарҳол муаммога дуч келган. Жуфтлик сунъий уруғлантириш масаласи бўйича мутахассисга мурожаат қилганидан сўнг унинг тавсияларига амал қилиб, уч ойда ҳомиладор бўлган. Лекин ҳомиладорликнинг ўн иккинчи ҳафтасида ультратовуш текшируви боланинг нобуд бўлганини маълум қилган.
Орадан 6 ой ўтиб, Луиз яна ҳомиладорлигини аниқлаган. Бу сафар бола тушиши у шифокор кўригига бораётганида рўй берган. Яна бир муваффақиятсиз уринишдан сўнг Луиз кўп марта фарзанди тушиб қолган беморларни даволашга ихтисослашган касалхонага юборилган. У қанча текширувлардан ўтмасин, бола нобуд бўлишининг сабаби топилмаган.
Узоқ вақт мобайнида Луиз сунъий уруғлантириш билан ҳомиладор бўлар ва болани дунёга келтиришга бўлган барча ҳаракатлар унинг тушиб қолиши билан тугар эди. Орадан 16 йил ўтиб, унинг тақдирига она бўлиш ёзилмаганига амин бўлди.
Аммо у мутахассис Хассан Шехатанинг китоби билан танишгандан сўнг фикри яна ўзгарди. Унга кўра ҳомила тушишига сабаб ДНК ҳужайралари эканлиги таъкидланган эди. Луиз Шехатага мурожаат қилди ва унинг назорати остида яна сунъий уруғлантириш амалиёти ўтказилди.
Бу сафар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. 48 ёшга кирган Луиз ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида 2,24 килограмм оғирликда ўғил фарзандини дунёга келтирди. «Мен бу кунларни 16 йил кутгандим ва ниҳоят фарзандимни қўлимда тутиб турганимга ишонгим келмасди», − деб ёдга олди Луиз.