Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётган, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ўта оғир аҳволдаги беморга шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни акс этган видеони тақдим этди.
Маълум қилинишича, Миробод туманида яшовчи 72 ёшли ушбу беморнинг аҳволи ўта оғир. У йиллар давомида қандли диабетдан даволаниб келган, айни пайтда ушбу касалликнинг 2-тури оғир кечмоқда, бемор инсулинга муҳтож. Шунингдек, ёғли гпатознинг 2-даражаси, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ касалликлари ҳам мавжуд. Бу эса беморда хасталикнинг оғир кечишига сабаб бўлмоқда.
«Ушбу ҳолат бутун дунё мамлакатларида шиддат билан тарқаётган коронавирус инфекциясининг нақадар хавфли эканлигидан далолат беради. Агар карантин қоидаларига қатъий риоя этмасак, ҳушёр бўлмасак, нафақат ўзимизни, балки яқинларимизни ҳам хавф остига қўйишимиз мумкин. Негаки, атрофимизда коронавирусга чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг тезлашиши билан бирга аҳволи оғир ва ўта оғир бўлган беморлар сони ҳам ортмоқда. 7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда 3732 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 25 нафари оғир, 11 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Мамлакатда касалликдан вафот этганлар сони 38 нафарга етган. Шу билан бирга, Навоий вилоятида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди, бироқ бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча расман маълумот бергани йўқ.