Пандемия вақтидаги энг кучли паспортлар рейтингида биринчи ўринни Япония эгаллади, унинг фуқаролари визасиз ёки етиб келган вақтда бериладиган виза билан 191 та мамлакат ва ҳудудга ташриф буюриши мумкин. Рейтинг Henley & Partners компанияси томонидан тузилган. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Ўзбекистон мазкур рейтингда 86-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонликлар 57 та давлатга визасиз бориши мумкин. 2020 йилнинг январь ойида эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон 85-ўринда эди.
Япониядан кейинги ўринни Сингапур 190 та мамлакат билан эгаллаган. Германия ва Жанубий Корея фуқаролари 189 та мамлакатга ташриф буюриши мумкин. Испания ва Италия паспортига эга бўлган кишилар 188 та мамлакатга, Австрия фуқаролари эса 187 та давлатга бориши мумкин.
Рейтингда коронавирус пандемияси ўз аксини топмаган, чунки пандемия сабабли жорий қилинган чекловлар визасиз ҳаракатланиш бўйича расмий келишувларга боғлиқ эмас. Бироқ коронавирус одамларнинг ҳаракатланишига ва паспортлар қадрига кучли таъсир кўрсатган. Паспортларнинг баъзилари «кучсизлашган».
АҚШ паспорти Буюк Британия ва Швейцария билан бирга еттинчи қаторни эгаллаб турибди. Бироқ ҳозирги пайтда америкаликлар карантин чекловлари сабабли Европа Иттифоқига кира олмайди, шунинг учун АҚШ паспорти билан вақтинча 27 та давлатга кириб бўлмайди ва у рейтингнинг 28-қаторига тушиб, Мексика билан битта ўринни бўлишиб турибди.
Пандемия сабабли Украина паспорти ҳам ўз кучини қисман йўқотган. Грузия паспорти эса ўз ўрнини сақлаб қолган.
Компания экспертларининг фикрича, пандемияга қарши самарали кураша олган мамлакатлар рейтингда етакчилик қилмоқда.
Рейтинг бирор давлатнинг фуқаролари визасиз ёки визани соддалаштирилган ҳолда олиб, нечта давлатга ташриф буюра олишини кўрсатувчи ҳаракатланиш эркинлиги индексига асосланган.
Ўзбекистон коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган халқаро авиқатновларини 15 июндан бошлаб «қизил», «сариқ» ва «яшил» рейслар принципи асосида қайта тиклаши маълум қилинган, бироқ амалда доимий авиақатновлар тиклангани йўқ. Шунингдек, 15 июндан бошлаб ўзбекистонликларнинг иш ва ўқиш мақсадида чет элга авиация орқали чиқишига рухсат берилгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)