Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 4 июнь куни Самарқанд вилоятидаги Бухоро минтақавий темир йўл узелидаги бекатда юк поезди цистернасидан ўткир ҳидли газ – хлорид кислотаси оқиб тушаётгани ҳақидаги хабардан кейин мазкур авария зудлик билан бартараф қилингани ҳақида хабар берди.
2020 йилнинг 4 июнь куни тахминан соат 18:15да Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели «Зарафшон» темир йўл бекатида юк поездига уланган цистернадан хлорид кислотасининг оқиб тушаётганлиги ва ундан инсон учун хавфли ҳисобланган ўткир ҳидли заҳарли газ ҳавога тарқалаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур хабарга кўра, Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган. Қутқарувчилар томонидан махсус техникалар ёрдамида кўрилган тезкор чоралар натижасида вазият тўлиқ назоратга олиниб, кучли таъсир этувчи заҳарли модда билан боғлиқ кимёвий хавф бартараф этилган.