Ҳиндистоннинг Мератх шаҳрида яшовчи эркак ўз уйидаги бузилган кондиционер ичидан ўнлаб илонларни топиб олди ва уларни ўрмонга олиб бориб ташлади, деб ёзади Ary News.
Фермер Шрадхананд ўз хонасида ухлашга ётган пайтда полда илон боласи ўрмалаб юрганини кўрди. У илончани тутиб, уйдан чиқариб ташлади. Ичкарига кирган эркак каравотида яна бир нечта судралиб юрувчиларни кўрди.
Фермер илонларнинг бузилган кондиционер ичидан чиқаётганини тушунди ва бошқа оила аъзоларини ёрдамга чақирди.
Эркак қариндошлари билан кондиционер қопқоғини очди ва унинг ичидан яна 36 та судралиб юрувчини чиқариб олди.
Ушбу хабар қишлоқда тез тарқалиб, маҳаллий аҳоли ўртасида ваҳима уйғотди.
Шрадхананд қариндошлари ва қўшнилари ёрдамида ҳамма илонларни қопга солиб, яқин ҳудудда жойлашган ўрмонга олиб бориб ташлади.
Экспертларнинг фикрича, илон узоқ вақт мобайнида ишлатилмаган кондиционер ичига тухум қўйган бўлиши мумкин.