Тошкент вилояти ИИББ Пробация бўлими томонидан «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида ички ишлар органлари назоратида бўлган 150 га яқин шахсга ижтимоий кўмак кўрсатилган бўлса, яна 59 нафари ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида вилоят ИИББ бошлиғи ва Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Зангиота туманда бўлиб, пробация назорати остида турган шахсларнинг яшаш хонадонларига борган, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, турмуш шароитларини ўрганган эди.
Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали яшаш шароитларини яхшилаш юзасидан масъулларга топшириқлар бериб, ижтимоий кўмак кўрсатилган эди. Қайд этишларича, мазкур ташббус вилоят ички ишлар органлари пробация гуруҳларида хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан давом эттирилган.
Пробация ҳисобида турган жами 6 847 нафар назоратдаги шахс билан суҳбатлар ўтказилган, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 100 га яқин ички ишлар ходимлари кўнгилли равишда ўз ҳисобларидан, назоратда турган шахсларнинг пандемия сабабли даромад манбаидан ажралган ва эҳтиёжманд шароитда бўлган 144 нафарига ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам (озиқ-овқат маҳсулотлари) етказган.
«Ҳозирда ушбу хайрли ташаббус кўнгилли ходимлар томонидан давом эттирилмоқда. Шунингдек, тадбир давомида назорат остида турган шахсларнинг 59 нафари ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик корхоналарига мавсумий ва доимий ишга жойлаштирилди», — дейилади Тошкент вилояти ИИББ ахборотида.