Сингапур университети олимлари апрель ойида COVID-19 коронавируси эпидемиясининг турли мамлакатларда қачон якунига етиши борасидаги тахминий саналарни эълон қилганди. Улар 3 май, якшанба куни бу борада навбатдаги прогнозини тақдим этди.
Ушбу тахминда бу сафар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон бўйича маълумотлар берилмаган.
Аввал сингапурлик олимлар томонидан Ўзбекистонда 24 май куни, Қозоғистонда 2 август куни ва Қирғизистонда 6 июнь куни эпидемия тугашини прогноз қилганлиги ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
Олимлар рўйхатга кирган мамлакатлардаги прогнозлар доимий равишда янгиланиб бораётгани ва шу сабабли университет сайтини кузатиб боришни тавсия қилган.
Масалан, Россияда аввал коронавирус эпидемиясининг тугаши 20 июлдан 19 августга кўчган бўлса, энди 17 август деб белгиланган. Дунё бўйича пандемиянинг тугаши аввалги ахборотда 1 декабрда бўлиши тахмин қилинганди, энди ушбу сана 14 декабрь бўлиши прогноз қилинмоқда.
Тадқиқотчилар прогнозлашда SIR-математик моделидан фояланган. Бунда инфекция билан касалланишга мойил одамлар сони, беморлар сони ва касалликдан тузалганлар сони, шунингдек, ижтимоий мулоқотлар интенсивлиги ҳисобга олинади. Муаллифлар ушбу моделнинг фақат назарий ва илмий мақсадларда ўйлаб чиқилганини билдирган ва маълумотни ўқиётган фойдаланувчилардан ҳиссиётга берилмаслик ва карантин бекор қилинишига ишониб қолмасликни сўраган.
Тадқиқотда расмий статистика маълумотларидан фойдаланилган ва ушбу ахборотлар тўлиқ эмас (дунёнинг ҳеч бир мамлакатида аҳоли COVID-19’га умумий тарзда тест қилинмаган, бундан ташқари экспресс-тестлар кўпинча мусбат ёки манфий таҳлиллар борасида хато натижаларни кўрсатган ҳолатлар кузатилган). SIR-модель инфекция тарқалиш популяцияси, турли йўллар билан юқиши ва эҳтимолий сабабларни ҳисобга олиш лозим бўлган ерларда хато қилиши мумкин.