Самарқанд вилоятида 4 май соат 19:30 да содир бўлган ЙТҲда она-бола ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.
Ҳодиса Ургут туманининг «Тинчлик» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-377 автомобиль йўлининг 33-километрида содир бўлди. Самарқанддан Тожикистон Республикасига ҳаракатланаётган «ВАЗ-2106» («Жигули») ҳайдовчиси 27 ёшли Ф.Р. маст бўлган. У қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган 29 ёшли ҳайдовчи З.А. бошқарувидаги «ГАЗ-5327» русумли юк автомашинасининг ўнг ён томонига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Тўқнашув натижасида юк машинаси йўловчилари (ҳайдовчининг турмуш ўртоғи ва фарзанди) 22 ёшли Д.С. ва вояга етмаган 2 ёшли А.Н. оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда бир ҳафта ичида одам ўлими билан якунланган 7 та ЙТҲдан 5 таси Сурхондарёда содир бўлди