Жиноятчиликка қарши кураш муҳитини яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, мутасадди идора ва жамоат бирлашмалари ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш борасида ҳудудлар тажрибаларини яратиш мақсадида Президент администрацияси ва ИИВ масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ 31 январдан 21 февралга қадар барча ҳудудий ички ишлар органларида тезкор-хизмат фаолиятини ўрганади ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкиллаштиради.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари У.Ташхаджаев ва ички ишлар вазири ўринбосари Д.Қодиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятига ташриф буюриб, туман-шаҳар ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар берди. Тизимдаги янги объектлар билан танишилди, ёш ходимлар билан учрашувлар ўтказилди ва маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ишчи гуруҳ «Намунали ҳудуд» тажрибаси доирасидаги тунги хизматга жалб қилинган шахсий таркиб, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик гуруҳлари, «Маҳалла посбони» тузилмаси аъзолари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан учрашиб, ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар билан танишди.
Шунингдек, Андижон вилояти ИИБ патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш бошқаримаси ходимлари ва жамоатчилик вакилларига тунги йўриқнома ўтказилди, дейилади ИИВ матбуот хизматининг хабарида.