Буюк Британия полицияси «Formula-1»нинг собиқ раҳбари Берни Экклстоуннинг қизи Тамара Экклстоун уйидан заргарлик буюмларини ўғирлаганликда гумон қилинаётган икки кишини қўлга олди, деб хабар берди Meduza.
47 ёшли фаррош Мария Местер ва унинг 29 ёшли ўғли Эмиль-Богдан Савастр қимматбаҳо буюмларни ўғирлашни кўзлаб, сейфни бузганликда айбланмоқда.
Улар 28 ва 29 январь кунлари Лондоннинг иккита аэропортида қўлга олинди.
1 февраль куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида онаси ва ўғли ўзларини Руминия фуқароси деб атади. Улар 28 февраль куни бўлиб ўтадиган навбатдаги суд мажлисига қадар ҳибсга олинган.
Ўғрилик 2019 йилнинг 13 декабрида, Тамара Экклстоун ва унинг оиласи уч ҳафта давомида Кенсингтондаги уйидан Рождество байрамини нишонлаш учун кетганида амалга оширилган. Тамаранинг уйидан заргарлик буюмлари, пул ва соатлар ўғирланган. Ўғирланган буюмларнинг умумий баҳоси 50 миллион фунт стерлингга (қарийб 66 миллион доллар) баҳоланмоқда.
Ўғирланган буюмларнинг аксарияти топилмаган.